Тошкентдаги бозорларнинг бирида ака-ука ўртасида келиб чиққан низо пичоқлашув билан тугади. Ушбу ҳодиса акс этган видеоёзув ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг «Газета.uz»га хабар қилишича, ҳодиса 16 декабрь куни соат 16:35ларда Чилонзор тумани «Тошкент савдо маркази» (собиқ «Абу Сахий») комплекси ҳудудида содир бўлган.

Н.Махмутов (1995 й. т., судланган, ишсиз) ўзаро келишмовчилик оқибатида акаси О.Махмутовни (1991 й. т., судланган, ишсиз) ўнг кўкрак қўлтиқ ости соҳасига бир маротаба пичоқ билан уриб, тан жароҳати етказган ва ҳодиса жойидан яширинган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Оқибатда, О.Махмутов олган тан жароҳати билан шифохонада вафот этган.

16 декабрь куни туман ИИБ томонидан Н.Махмутовга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, уни қидириб топиш чоралари кўрилмоқда.