Сирдарё вилоятида дарахтлар ноқонуний кесилгани аниқланди, дея хабар қилди Давлат экология қўмитаси матбуот хизмати.

Хабарга кўра, 15 декабрь куни Оқолтин тумани «С.Сиддиқов» СИУ ҳудудида «Sirdaryo The capital» фермер хўжалиги иш бошқарувчиси М.С кўрсатмаси билан, ёлланма ишчилар томонидан 5 дона 53 см, 39 см, 42 смли «Турангил», 1 дона диаметри 83 смли «Қайрағоч» ҳамда 1 дона диаметри 21 смли «Тол» дарахтлари кесилган.


Маълум қилинишича, давлат инспекторлари томонидан воқеа жойида ҳуқуқбузарларга нисбатан баённомалар расмийлаштирилиб, табиатга етказилган зарар 113 млн сўмга баҳоланган.


Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2019 йилдаги 30 октябрдаги [ПФ-5863-сон] фармони билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 31 декабрга қадар мораторий жорий этилган эди. Ушбу ҳужжат билан мораторий амал қилиш даврида ваколатли давлат органларига дарахт ва буталар қимматбаҳо навлари кесилишига рухсат бериши ман этилган эди.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларини кесилишига жорий қилинган мораторий муддатини 2021 йил 31 декабрга қадар узайтириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритган.