Сирдарё вилояти Ширин шаҳар ҳокимлиги фарзандларини чўктирмоқчи бўлган аёл видеотасвирига муносабат билдирди.

Хабар қилинишича, Тошкент вилояти Бекобод туманида яшайдиган аёл А.Р. (1985 й.т.) турмуш ўртоғи Э.Ш.ни бошқа бир аёл билан телефон орқали сўзлашаётганлигидан уни рашк қилади.

А.Р. аччиқ устида Тошкент вилояти Бекобод туманидан Сирдарё вилояти Ширин шаҳарга ўтадиган «Дўстлик» канали кўпригининг Бекобод тумани қисмидан фарзандларини каналга ташламоқчи бўлган.

Шу пайт у Ширин шаҳар Экология ва атрофни муҳофаза қилиш бўлими ходимлари томонидан тўхтатиб қолинади. Аёл уларга «Болалар керак эмас, чарчадим, туққанимга афсусланаман» деб, болаларни чўктиргандан кейин ўзини ҳам чўктирмоқчи бўлганлигини айтган.

Тошкент вилояти ҳокимлигининг маълум қилишича, аёл алам устида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими ходимларига кескин гапиргани, аммо, ҳеч қачон ўз фарзандларини сувга ташлаш нияти бўлмаганини, ўғлининг бош кийими эса беҳосдан сувга тушиб кетган деди.