Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат органлари фаолиятини ёритиш учун ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишни такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори лойиҳасини муҳокамага қўйди.

Ҳужжатга кўра, давлат идоралари матбуот хизматларини бевосита биринчи раҳбарга бўйсунадиган мустақил бўлимларга айлантириш режалаштирилган.

Лойиҳага мувофиқ, 2021 йил 1 февралдан бошлаб қуйидаги тартиб амалга оширилиши таклиф этилган:

  • ҳар бир давлат идорасида журналистлар ва блогерлар кирадиган «Медиа пул» ташкил этилади;
  • журналистлар ва блогерларни аккредитация қилиш жараёни 3 кундан ошмаслиги белгиланади;
  • камида битта журналист ва/ёки блогер давлат органлари жамоатчилик кенгашлари таркибига киритилади;
  • давлат идоралари ўз фаолияти билан боғлиқ ва жамоатчиликка салбий таъсир кўрсатадиган материаллар ва маълумотларга бир кун ичида жавоб беришлари лозим бўлади;
  • «Wikipedia» интернет-энциклопедиясида ўзбек, рус ва инглиз тилларида давлат органларининг саҳифалари яратилади;
  • раҳбарлар Facebook, Twitter, Instagram, Telegram ижтимоий тармоқларида ўз расмий саҳифасини очиши керак бўлади;
  • давлат идоралари 2021 йилнинг охирига қадар Android ва IOS платформаларида мобил иловаларига эга бўлиши керак.

Шу билан бирга, АОКА давлат идораларининг оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган тегишли танқидий-таҳлилий материалларга ўз вақтида муносабат билдириб бориши, шунингдек, медиа-режаларни тайёрлаш ва уларнинг ижроси бажарилиши ҳисобини юритиш имкониятига эга бўлган махсус ахборот таҳлилий электрон тизимни ишга тушириши керак бўлади. Матбуот котибларига мазкур тизимдан фойдаланишни ўргатиш мақсадида қисқа муддатли семинарларни ташкил этиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, давлат идораларининг ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари билан ишлаш натижалари бўйича мунтазам мониторинг олиб борилиши ва мониторинг якунлари асосида рейтинг тизимида баҳолаш ишларини ташкил этилиши кутилмоқда.

Агентлик давлат идораларининг ахборот хизматларини ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари билан ишлашга ўргатувчи муҳим мезонлардан иборат бўлган, Агентликнинг расмий веб-сайтида жойлаштириладиган махсус қўлланмани нашр эттиради ҳамда қўлланмада кўрсатилган мезонларга давлат идораларини амал қилиш натижаларини рейтинг балларини ҳисоблашдаги омиллардан бири сифатида баҳоланиши белгиланди.

Лойиҳага асосан, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари уч ой муддатда ҳудудларда ёшларнинг ахборот маконида эркин ижодий фаолият олиб боришлари учун қулай шарт-шароитларга эга «Ёш журналист ва блогерлар клублари»ни ташкил этади.

Лойиҳа муҳокамаси шу йилнинг 29 декабрига қадар давом этади.