Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида қишга тайёргарликда йўл қўйилган камчиликларни ҳал этиш масалалари танқидий таҳлил қилинди. «Газета.uz» мухбирининг хабар беришича, йиғилишида жойларда ис газидан заҳарланиш ва чақнаш ҳолатлари ҳам учраётгани таъкидланган.

Шу кунга қадар бундай ҳолатлар оқибатида 106 нафар фуқаро вафот этган, 190 нафари заҳарланган ва куйиш тан жароҳати олган.

Жумладан, давлат раҳбари бугун Янгийўл туманида 3 нафар фуқаро ис газидан оламдан ўтганини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев бош вазир Абдулла Ариповга ФВВнинг Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси фаолиятини танқидий кўриб чиқиш, уни тубдан ислоҳ қилиш ва янги тизим яратиш бўйича таклифлар беришга оид топшириқ берди.

11 декабрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенати Кенгашида сенатор Қутбиддин Бурхонов 2020 йилнинг ўтган даврида ис газидан заҳарланиш ва газ чақнаши оқибатида 80 нафар фуқаро вафот этганлигини таъкидлаган эди.