14 декабрь куни «Газета.uz» Қашқадарё вилояти Ғузор тумани собиқ ҳокими Саъдулла Бобоқулов бозор иши бўйича судьяга босим ўтказгани натижасида ишдан бўшатилгани билан боғлиқ суриштирувни эълон қилган эди. Мазкур хабар юзасидан Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва Саъдулла Бобоқулов муносабат билдирди.

Вилоят ҳокимлиги муносабатида шу йилнинг 10 апрелида ўтказилган Халқ депутатлари Ғузор тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Саъдулла Бобоқулов соғлигидаги сурункали муаммолар сабабли ўз аризасига асосан вазифасидан озод этилгани маълум қилинган.

«Судьялар олий кенгаши раиси Х.Ёдгоров таъкидлаганидек, С.Бобоқулов иши бўйича хизмат текшируви ўтказилган бўлиши мумкин. Аммо собиқ ҳокимни ишдан олиниш вақтида хизмат текшируви ёки унинг натижаси ҳақида хабар берилмаган», — дейилади хабарда.

Собиқ ҳоким, айни вақтда Қашқадарё вилояти архив иши ҳудудий бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаётган Саъдулла Бобоқулов «Газета.uz» таҳририятига мурожаат қилиб, ўз муносабатини билдирди. «Судья Саттор Ақанов Нормурод Турсуновнинг (бозор раиси) Тошкентда яшайдиган, терговчиликдан „урилиб кетган“ юрист ўғли билан курсдош ва битта квартирада яшаган экан», — деди у.

У, шу билан бирга, Судьялар олий кенгашидан Ғузор тумани ФИБ туманлараро суди раиси Саттор Ақановни текширгани Рахматилла исмли шахс келиб-кетганини қайд этди.

«У мен ва депутатлар билан гаплашиб, ҳолат қандай бўлганини сўраб-суриштириб, аудиоёзувни менинг ёрдамчим Ҳасан телефонида ёзганини аниқлаган. Чунки мен ёрдамчимга жуда кўплаб топшириқлар бераман, у блокнотига ёзиб олишдан кўра, телефонига ёзиб олишни мендан рухсат сўраган», — деди Бобоқулов.

Шунингдек, у хизмат текширувида қайд этилган ҳолат, яъни ҳоким вилоят сув омборлари бошлиғи Х.Парманов қўпол муомаласи учун бу бўйича маъмурий материал қилдирганида аудиоёзув бўлмаганини айтди.

«Сув хўжалиги раҳбарини ҳам ҳоким ёзиб олиб судга берган, деган маълумот ғирт ёлғон бўлиб, бунақа аудиоёзув йўқ ва бўлиши мумкин эмас. Чунки мен ва прокурор Бекзод Суюнов „Обод қишлоқ“ бўйича Дўлтали қишлоғида пайтимизда мен у кишига пахтага сув омбордан сув очишини сўраганимда, у киши (Х.Парманов) Чироқчида тўйда ичиб, маст ҳолатда ҳар хил ҳақоратли сўзлар билан сўкаётганини динамик орқали прокурор ҳам эшитиб, судга телефон қилиб, ҳокимни ҳақорат қилди, ўзим эшитдим, деб ариза қабул қилишни айтди ва шундан сўнг ҳокимиятдан ариза киритдик», — деди собиқ ҳоким.

У, шунингдек, шу йил январда Тошкентга ҳокимлар малакасини оширишга келганида ҳукумат шифохонасида оғир касалликка чалинганини эшитгани, зудлик билан буйрак кўчириб ўтказиш ёки гемодиализ қилиш кераклигидан хабар топганини айтди. Ҳозирда ҳар уч кунда диалез олиб қонини тозалаб, ишлаётганини айтди. Мазкур хабар тарқалиши эса унинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатганини ҳам қўшимча қилди.

Бобоқулов бозор ишига ҳам тўхталиб ўтди. У мамлакат бўйича бозорларнинг 51 фоизи ҳокимиятларга қараши ва нарх-наводаги муаммоларга жавоб беришини таъкидлади.

«Мен ўзим ҳокимиятга ишга борганимда (2018 йил 31 август) бозор реконструкция бўлиб, жанжал, тўпалон бўлаётган экан. Шу вақтгача деҳқон бозорига тегишли мол бозор ҳар бозор куни 3−4 млн сўм топшириб ишлаб турган. Бу ноинсофларни тартибга чақириш учун бозорга мониторинг ташладим ва бир бозорда 15 млн сўм тушириб, бир ойда 70 млнгача тушумни кўпайтирдим. Олдин 20 млн ойига топшириб юрган экан», — дея таъкидлади у.

Собиқ ҳоким 2019 йил ёзида мол бозори ўрнида савдо мажмуаси қурилиши муносабати билан мол бозор қурувчилар ва ҳашарчилар ёрдамида бошқа жойга кўчирилгани, 1 млрд сўмга яқин қурилиш-монтаж ишлари бажарилгани ва натижада туман ҳокими ва халқ депутатлари қарори билан 2020 йил февралдан мол бозор ҳокимият балансига ўтказилганини айтди.

«Энг қизиғи, яқинда менга вилоят архитектурасидан масьул ходим телефон қилиб, „сиз ҳоким бўлиб ишлаганда қурилган мол бозорига Ғузор бозори раҳбари Нормурод Турсунов келиб, ҳужжат қилиб бергин, деяпти“ деди. Бу Нормурод деганлари Қаҳрамон акаси иккаласи 30 йилдан буён бозорда ишлаб, бозор ичидаги ярмидан кўп дўконларнинг кадастрини конунга зид равишда хусусий қилиб олган. Ҳолбуки, Вазирлар Маҳкамасининг 1326-қарорида бозорлар худудида кадастр қилиб бериш ман этилади, фақат ердан фойдаланган учун ижара тўлайди, дейилган».

«Шу вақтгача мол бозоридан ҳар ой ўртача 70 млн сўмдан тушум тушаётган бўлса, 2020 февралда янги мол бозор ишга тушиб, февралда — 70 млн, мартда — 70 млн, апрелда — 70 млн (тушди), июнь, июль ва август пандемия сабаб ишламади. Сентябрь, октябрь, ноябрь, декабрь жами 7 ойда 490 млн сўм 100 фоиз фойда пул тушуми ҳокимият бозорига эмас, кимга кирим бўлаётганига журналист суриштируви асосида аниқлик киритса бўлади», — дейди собиқ ҳоким.

Саъдулла Бобоқулов бозорда коррупциявий тизим йўлга қўйилгани ва бу борада Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари Умида Тўхташевага мурожаат қилганини таъкидлади. «Мен биламан, бу ерда аниқ коррупция бўлаяпти. Чунки қарор чиққанига анча вақт ўтган бўлса ҳам, бозор кадастр ҳужжати қилиниб, ҳокимият балансига олинмаган. Касса аппарати олиниб, банкдан ҳисоб рақами очилиб, пуллар кирим қилинмаяпти ва шу вақтгача тушган пулларни ким томонидан ўзлаштирилаётгани ҳақида Коррупция агентлигига мурожаат қилдим», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Судьялар олий кенгаши раиси Холмўмин Ёдгоров АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида судьялар фаолиятига асоссиз аралашувига мисол келтириб, Қашқадарё вилоятидаги туманларнинг бирида ҳоким судья фаолиятига аралашгани учун вазифасидан озод этилганини айтган эди. «Газета.uz» шу асосда ўтказилган хизмат текшируви тафсилотларини баён қилди.