Давлат хизматлари агентлиги Тошкентдаги 11 та Давлат хизматлари марказлари ходимларининг қарийб 10 ой давомида ярим ставка шартнома билан фаолият юритгани ҳақида «Газета.uz» эълон қилган хабар юзасидан муносабат билдирди.

Муносабатда Тошкентда аҳоли сонининг кўплиги, ДХМларга ташриф буюрувчиларнинг аксарияти куннинг биринчи қисмида келиши навбатлар ҳосил қилаётгани қайд этилган.

«Ушбу муаммонинг ечими — ходимларни ярим ставкага ишга қабул қилиб, куннинг биринчи ярмида ишлайдиганларнинг сонини кўпайтириш бўлди. Натижада хизмат кўрсатувчи персоналнинг икки баробар кўплиги ҳисобига навбатлар камайди», — дейилади хабарда.

Шунингдек, ходимлар тўлиқ иш кунини ишлаб туриб, ярим ставка ойлигини олган деган хулоса қилиш мутлақо ноўринлиги айтилган.

«Бунда, ходимлар иш вақтини белгилашда меҳнат ҳуқуқий муносабатларига тўла риоя қилиниб, ҳар ойлик рағбатлантириш тўловлари амалга оширилган», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар сони таҳлил қилиниб, жорий йилнинг бошидан марказларда қўшимча штат масаласи таклиф берилган ва ушбу таклиф маъқулланган. Бироқ пандемия сабаб қўшимча штат масаласи кечиктирилган. Ҳозирда қўшимча штатлар ажратилган ва ходимлар тўлиқ штатда фаолият олиб бормоқда.

Авваллроқ, «Газета.uz»га мурожаатда таъкидланганидек, 2019 йил якунида ДХМ Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи (ўша вақтда — Хусен Очилов) йиғилиш ўтказган. У «иш ўринларини қисқартириш» бўйича оғзаки буйруқ борлиги ва бир неча ой давомида штатлар икки бараварга қисқаришини таъкидлаган. Ўз навбатида, ходимлар марказлардаги иш босими кўплиги, ҳамма ҳам оиласини боқиши кераклигини айтиб, ихтиёрий равишда ярим ставкага ўтиш таклифини беришган.

«Газета.uz» мухбири мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида ДХА Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Санжар Абдуллаев билан суҳбатлашганида, у ҳам ходимлар тўлиқ ставкада ишламаганини тасдиқлаган эди.

«Тўғри, тўлиқ ставкада эмас. Бизда ихтиёрий пуллик хизмат дейилади. Яъни, у олаётган ойлик маошдан ташқари ишласа, яна қўшимча равишда пуллик хизмат қўшиб берилади. Лекин ярим ставка дегани у мажбурий эмас, ишлаганига, албатта, ҳақ тўланган. Қонунга зид равишда меҳнат олиб бормаган», — деган эди Абдуллаев.

Санжар Абдуллаев интервьюсида ҳам, ДХАнинг юқоридаги муносабатида ҳам ходимлар нима сабабдан ва айнан қачондан ярим ставкага ўтказилгани, қолаверса, тўлиқ штатга қайтариш тўғрисида қайси санада буйруқ чиққани масаласи очиқ қолган. Абдуллаев 2020 йилда деб айтган эди, ДХА эса бунинг ечими пендемия сабаб кечиккани ва ҳозирда ходимлар тўлиқ штатга ўтказилганини қайд этган.