Глобал миқёсда 387 нафар журналист ўз касбий вазифаларини бажарганлиги учун ҳибсда қолмоқда. Бу ҳақда «Чегара билмас мухбирлар» ташкилотининг ҳар йили тақдим этиладиган баёнотида айтилмоқда.

Бу кўрсаткич 389 журналист ҳибсга олинган 2019 йилга нисбатан камроқ.

Ҳисоботда таъкидланишича, журналистларнинг ўз иши билан боғлиқ ҳолда ҳибсга олиниш ҳолатларининг 61 фоизи атиги 5 мамлакатда қайд этилган: Хитойда 117, Саудия Арабистонида 34, Мисрда 30, Вьетнамда 28 ва Сурияда 27 нафар журналист қамоқда.

Қамоқдаги аёл журналистлар сони 35 фоизга ошди: 2020 йил охирида уларнинг 42 нафари қамоққа олинди. Бир йил олдин бу рақам 31 нафар эди. Янги ҳибслар асосан 9 август куни бўлиб ўтган президентлик сайловларидан бери мисли кўрилмаган репрессияни бошидан кечираётган Белорусияда (4), шунингдек, санитария инқирози туфайли репрессия кучайган Эронда (4) ва Хитойда (2) содир бўлди, дейилади хабарда.

Ташкилот маълумотларига кўра, журналистларни ноқонуний ҳибсга олишлар сони 2020 йилнинг март ва май ойлари орасида — коронавирус бутун дунёга тарқалишининг бошида — тўрт бараварга ошди. Февраль ойининг бошидан ноябрь ойининг охиригача фақатгина ушбу ҳуқуқларнинг бузилиши қайд этилганлар 35 фоизни ташкил этди (улар жисмоний зўравонлик ва таҳдидлардан устун бўлиб, бу ҳуқуқлар бузилишининг 30 фоизини ташкил қилади). Эпидемияни ёритгани сабабли ҳибсга олинган журналистларнинг 14 нафари бугун панжара ортида қолмоқда.

Шу билан бирга, бугунги кунда 54 нафар журналист дунё бўйлаб асирликда, яна 4 нафари бедарак йўқолган.

Ташкилот 29 декабрдаги йиллик ҳисоботида 2020 йилда ўлдирилган журналистлар сонини эълон қилади.