Олдинроқ бош прокурорни бир неча ҳуқуқбузарликларда айблаган Бухоро шаҳар прокурори Ж.Фозиловнинг важларини синчковлик билан ҳар томонлама ва холисона текшириш ҳамда ҳолатга баҳо бериш мақсадида 14 декабрь куни Республика идоралараро комиссияси тузилди. Бу ҳақда ЎзА президентнинг Халқ қабулхонасига таяниб хабар берди.

Комиссия таркибига Президент Администрацияси, Олий Мажлис Сенати, Президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, шунингдек президентнинг Бухоро вилоятидаги Халқ қабулхонасининг масъул ходимлари киритилди.

«Комиссия мурожаатда келтирилган қонунбузарлик ҳолатларини жойига чиққан ҳолда, Ж.Фозиловнинг барча важларини бевосита ўзининг иштирокида чуқур ва холисона ўрганилишини ташкил этади», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Ж.Фозилов видеомурожаат билан чиқиб, бош прокурор ва унинг уч ходимига алоқадар жиноятларни фош этмоқчилигини, улар Mega Bukhara савдо мажмуаси (эски номи «Крытый рынок») қурилишига бевосита алоқадор эканини таъкидлаган эди. У бу объектни америкалик инвесторлар эмас, балки маҳаллий тадбиркорлар қураётгани, унга кетган харажат 1 трлн сўмга етиши ва халқнинг ёнидан қопланаётганини айтган.

Прокурор ҳолат бўйича фактларни фақат президент администрацияси раҳбари текширишини, бошқа идоралар аралашмаслигини сўраган эди.