Ўзбекистон мактабларида янги йил тадбирларини ўқувчилар иштирокида ўтказишга тақиқ жорий этилди. Бу ҳақда Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев томонидан имзоланган 11 декабрдаги хатда айтилган. Ҳужжатнинг ҳақиқийлигини «Газета.uz» га ХТВ матбуот хизмати тасдиқлади.


Ушбу хатда Вазирлар Маҳкамасининг 16 ноябрдаги йиғилиш баённомасида «Болажон» ва Ёшлар каналларида телемарафон орқали ҳар йилги «Президент арчаси» тадбирининг ўтказилиши белгилаб қўйилганлиги эсга олинади. Ушбу қарор COVID-19 эпидемияси шароитида ўқувчиларнинг соғлиғини сақлаш учун қабул қилинган.

Ҳужжатга кўра қуйидагилар қатъий тақиқланади:

— мактаб ўқувчилари иштирокида Янги йилни нишонлаш билан боғлиқ ҳар қандай тадбирларни режалаштириш;
— Янги йил тадбирлари учун ота-оналардан ноқонуний пул йиғиш;
— мактабларнинг кириш қисми ва синфларини сунъий арча ва электр шамлар билан безаш.

Эслатиб ўтамиз, Республика махсус комиссиясининг қарори билан фуқароларга янги 2021 йил байрами тадбирларини оила даврасида ўтказиш тавсия этилиши ва вазирлик, давлат идора,ташкилотларига корпоратив байрам тадбирлари ташкил этиш тақиқланганлиги ҳақида хабар берган эдик. Бундан ташқари «Президент арчаси» байрами фақат меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари учун ўтказилиши ҳам белгиланган эди.