Пойтахтнинг Яшнобод туманида жойлашган 103-сонли ёрдамчи интернат-мактаби тарбияланувчиси калтакланганлиги юзасидан Бош прокуратура баёнот берди.

11 декабрь куни фуқаро К.З. Яшнобод тумани ИИО ФМБга ариза билан мурожаат қилиб, ақли заиф вояга етмаган қизи мактаб-интернатидан тан жароҳатлари билан келганини маълум қилиб, айбдор шахсларга қонуний чора кўришни сўраган.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг маълумотномасига кўра, вояга етмаган қиз танасида «Ўнг елка соҳаси ва ўнг кўкрак соҳаси, ўнг кўкрак соҳаси остки қисмлари юмшоқ тўқималарининг лат ейиши ҳамда кўкариши» каби тан жароҳатлари борлиги аниқланиб, зарур тиббий ёрдам кўрсатилган ва тегишли даво чоралари тавсия қилинган.

Шу билан бирга вояга етмаган қизнинг танасидаги жароҳатларининг келиб чиқиш механизми ва оғирлик даражасини аниқлаш мақсадида судга оид экспертиза тайинланган.

Жабрланувчи танасида турли хил лат ейиш аломатлари аниқланган ва ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 109-моддаси (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Бола ҳуқуқлари бўйича Омбудсман Алия Юнусова ушбу ҳолат юзасидан «Газета.uz»га изоҳ бериб: «Ўқувчининг калтакланиш ҳолатини назорат остига олдик. Шубҳасиз, айбдорлар болага нисбатан зўравонлик учун жазоланади», деди.