Тошкент шаҳридаги 11 та Давлат хизматлари марказлари ходимлари қарийб 10 ой давомида ярим ставка шартнома билан тўлиқ иш куни, ҳафтада 5 кун иш режими асосида фаолият юритган. Бу ҳақда «Газета.uz»га бир неча маротаба мурожаат қилинган.

Мурожаатга кўра, 2019 йил якунида ДХМ Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи (ўша вақтда — Хусен Очилов) йиғилиш ўтказиб, «иш ўринларини қисқартириш» бўйича оғзаки буйруқ борлиги ва бир неча ой давомида штатлар икки бараварга қисқаришини таъкидлаган. Ўз навбатида, ходимлар марказлардаги иш босими кўплиги, ҳамма-ҳам оиласини боқиши кераклигини айтиб, ихтиёрий равишда ярим ставкага ўтиш таклифини беришган.

Ходимларни ярим ставкага ўтказиш бўйича уларнинг аризаси олингач, февраль ойидан шу тартибда иш давом эттирилган. Ўзини марказларнинг бирида ишлашини айтган шахс октябрь келганига қарамасдан ҳануз бирор чора кўрилмаганини маълум қилди.

«Газета.uz» мухбири мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида бир неча маротаба ДХА Тошент шаҳар бошқармаси матбуот хизмати билан боғланган. Улар эса ўз навбатида яқин 10 кун ичида (13 октябрь ҳолатига) тўлиқ штатга ўтказилиш чоралари кўрилаётганини айтишган. Натижаси ҳақида маълум қилиниши қайд этилган.

«Газета.uz» мухбири бу бўйича ҳеч қандай хабар берилмагач, 11 декабрь куни Халқаро пресс клуб сессиясидан сўнг, Давлат хизматлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Санжар Абдуллаевга (лавозимга тайинлангани ҳақида 13 февраль куни хабар берилган) юзланди. У ростдан ҳам ходимлар ярим ставка ишлагани, лекин уларга пуллик хизмат кўрсатгани учун қўшимча ҳақ тўланганини маълум қилди.

ДХА Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Санжар Абдуллаев.

«Тўғри, тўлиқ ставкада эмас. Бизда, ихтиёрий пуллик хизмат дейилади. Яъни, у олаётган ойлик маошдан ташқари ишласа яна қўшимча равишда пуллик хизмат қўшиб берилади. Ойлиги агар 3−4,5 млн бўлса, кўпроқ ишлаб хизмат кўрсатадиган бўлса, ихтиёрий пуллик хизмат берамиз. Сабаби биз бюджетдан молиялаштирилмаймиз. Ўзимизни-ўзимиз боқувчимиз, шуни ҳисобига. Энди, тўғри штат масаласида 2017 йилда 104 та эди. Ҳозир хизмат сони ошгани, талаб кучайгани, фуқаролар оқими кўпайган. Биз мажбур бўлганмиз ярим ставкага, лекин агар тушликдан кейин кўпроқ ишлайдиган бўлса, унга пуллик хизмат тўланган. Ҳозирги кунда ярим ставкада ишлайдиган ҳодимлар йўқ, бартараф этилган. Янги штат берилди. Лекин ярим ставка дегани у мажбурий эмас, ишлаганига албатта ҳақ тўланган. Қонунга зид равишда меҳнат олиб бормаган», — деди Абдуллаев.

«Газета.uz» мухбирининг ходимлар нима сабабдан ва айнан қачондан ярим ставкага ўтказилгани, қолаверса, тўлиқ штатга қайтариш тўғрисида қайси санада буйруқ чиққанига оид саволига аниқ жавоб берилмади. Бошқарма бошлиғи Санжар Абдуллаев фақат 2020 йилда барча ходим тўлиқ бир ставкага ўтганини таъкидлаган.

Шундан сўнг, «Газета.uz» мурожаатчиларнинг бири билан боғланди. Унинг айтишича, ноябрь ойининг сўнгги ҳафтасида ходимлардан тўлиқ ставкага ўтказиш бўйича ариза олинган ва ДХА Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғининг тегишли буйруғи чиқарилган.

Мазкур ҳолат бўйича қонун бузилиш ҳолатлари мавжуд ёки йўқлигини ўрганиш мақсадида «Газета.uz» Ҳисоб палатаси, Адлия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Давлат хизматлари агентлигига сўров юборди.