Маданият вазирлиги Маданий мерос департаменти 10 декабрда Хива шаҳридаги Тош ҳовли саройида девор бузилиши бўйича ижтимоий тармоқларда эълон қилинган мақолага муносабатбилдирди.

Аниқланишича, Тош ҳовли саройини шарқий томонидаги девор қисми бузилишига сабаб — буюртмачи ташкилот «Ичан- Қалъа» давлат музей-қўриқхонаси бўлиб, «Сургут нефть строй» пудратчи хусусий корхонаси томонидан 8 декабрь куни девор тепа қисми бузилган.

«Ичан- Қалъа» давлат музей-қўриқхонасида ҳар қандай таъмирлаш-тиклаш ишлари Департамент қошидаги Илмий-эксперт кенгаши хулосаси асосида бажарилиши ва ЮНEСКО ташкилоти билан келишиш зарурлиги аниқ белгиланган.

Аммо лойиҳа Илмий-эксперт кенгашига киритилмаган ва саройда лойиҳасиз таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилганлиги аниқланган.

Ҳозирда Департамент ушбу саройда таъмирлаш-тиклаш ишларини тўхтатди ва ҳуқуқ тарғибот идораларига ҳужжат тайёрланмоқда, дейилади хабарда.