Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев «снос"ларга қарши мораторий эълон қилиш таклифи билан чиқди.

«„Снос“ масаласи яқин йиллардаги энг „бошоғриқ“ муаммолардан бири бўлиб қоладиганга ўхшайди», — деб ёзди у ўз Telegram каналида.

«Афсуски, компенсацияни қоплаш учун маблағ бор ёки йўқ эканлигига қарамай «ура-ура"чилик оқибатида қисқа вақт ичида қўплаб хусусий мулкларга зарар етказилди, айримларда хусусий мулк дахлсизлигига бўлган ишонч синди ва синмоқда», — дея таъкидлади депутат.

У шунингдек, етказилган зарарларни қоплаш кўпгина режаларнинг тўхтаб қолишига ҳам сабаб бўлганини, бу айниқса, инвестиция жалб этиш масаласида ҳам ҳавотирли бўлаётганини айтди.

«Бировнинг пешона тери билан қурган жойини асоссиз, розиликсиз бузишни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Бунга йўл қўйиш зулм билан баробар, зулм эса ёмон», — деди Расул Кушербаев.

18 декабрь куни Тошкентда «снос» билан боғлиқ яна бир суд иши кўриб чиқилади, дея хабар қилди у. Фуқаро С.Ногай Навоий кўчасида жойлашган 125 кв.м дўкони бузиб ташланганлиги учун Тошкент шаҳар ҳокимиятидан 1,2 млрд сўм зарар ундиришни сўрамоқда.

«Бундай ишларни кўриб чиқиш осонмас. Айниқса, ҳалигача ижро ҳокимияти тизимида ҳар қандай ҳокимиятга таъсир кўрсатиш имкониятлари сақланиб қолаётган бир пайтда, катта миқдордаги маблағни фуқарога ундириб бериш масаласини ҳал этиш судъядан ҳам профессионал билим, малака ва журъат талаб қилади», — таъкидлади у.

«Шу билан бирга инвестиция жалб этишда хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш энг муҳим талаб эканлиги ва асосий иш ўрни яратувчи, солиқ тўловчилар ҳам хусусий мулк эгалари бўлган тадбиркорлар ҳиссасига тўғри келишини инобатга олсак, айнан „снос“ масаласида маълум муддатга мораторий эълон қилиш айни пайтда муаммони ечишнинг тўғри йўли эканлигини кўрсатмоқда. Токи мораторий бўлмас экан жойлар алоҳида гуруҳларнинг манфаати учун бузилиши, ерлар асоссиз олиб қўйилишда давом этавериши мумкин», — деб ёзди Расул Кушербаев.

««Снос»га қарши мораторий айрим жойларда хусусий мулк дахлсизлиги нима эканлигини тушунмайдиган, Конституция ва қонунлардаги талаблардан чуқур хабардор бўлмаган фаол «ижрочи"ларнинг қаернидир бузиб, ерни олиб қўяман, деган фикридан воз кечиб, шу юрт келажаги учун ўз ҳаракатларини ўйлаб кўришга ундаган, фуқароларда эса ишонч уйғотиб, инвестиция иштиёқини оширган бўлар эди», — таъкидлади депутат.

«Биз нафақат қоғозда балки амалда ҳам хусусий мулк дахлсизлиги таъминланган, турмуши фаровон, Конституцияси устувор жамиятда яшашни истаймиз холос», — деб ёзди у.