Бугун Ўзбекистонда кундузги об-ҳаво шароитини маркази Урал ҳудудлари устида жойлашган совуқ антициклон периферияси белгилайди, дея хабар берди Ўзгидромет.

Республика ҳудудларининг кўп қисмида ҳаво ҳарорати 0−5 даража илиқ бўлган ёғингарчиликсиз совуқ об-ҳаво сақланиб туради. Туркманистонга қўшни ҳудудлар устида юқори циклон зонасида шаклланган булутли массив фақат республиканинг шимолий ҳудудларига таъсир кўрсатади. Бугун Қорақалпоғистоннинг ва Хоразм вилоятининг баъзи жойларида бироз қор ёғиши мумкин, ҳаво ҳарорати 4−9 даража совуқ бўлади.

Дам олиш кунлари юқори циклонли булутли массив аста-секин Ўзбекистоннинг қолган ҳудудларига силжийди. 12 декабрда жануби-ғарбий ҳудудларда, 13 декабрда Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларининг баъзи жойларида бироз қор ёғиши мумкин. Республиканинг айрим жойларига туман тушиши мумкин.

Шу кунларда ҳаво ҳарорати деярли ўзгармайди, кечалари 2−7 даража совуқ, кундуз кунлари 0−5 дарада илиқ атрофида, баъзи жойларда 2 даража совуққача, шимолда кечалари 12−17 даража совуқ, кундуз кунлари 4−9 даража совуқ бўлади.

Бундай ҳаво ҳарорати декабрь ойи ўрталаридаги ўртача кўп йиллик қийматлардан 6−9 даражага паст бўлишида давом этади, дея хабар беришди синоптиклар.