Навоий вилоятида 2019−2020 йилги ов мавсумида рухсат берилган квотадан ташқари жами 13 минг (қуён, ғоз, ўрдак ва бошқа.) бошдан ортиқ ёввойи ҳайвонлар ноқонуний овланишига имконият яратилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Бундан ташқари, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш Навоий вилояти бошқармаси мансабдор шахслари 2019 йилги ов мавсумида 1 707 ҳолатда овчилар томонидан ноқонуний ов амалга оширилганлиги бўйича ўз вақтида маъмурий чоралар қўлламаганлиги аниқланди.

Натижада 1,9 млрд сўмлик жарималар бюджетга ундирилмасдан, давлат ва жамият манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилганлиги маълум бўлди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда, дейилади хабарда.