Инновацион ривожланиш ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари томонидан Хитойнинг Хитой Фанлар академияси Микробиология институтининг ишланмаси асосида Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co., Ltd компанияси ишлаб чиққан коронавирусга қарши вакцинанинг учинчи босқич клиник синовларини ўтказиш ишлари бошланди, дея хабар берди Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати.

Клиник синовларни ўтказиш учун жами 5 минг нафар кўнгиллилар танлаб олинган. Жараённинг этик жиҳатларини эътиборга олган ҳолда кўнгиллиларнинг шахси ошкор қилинмаслигига келишилди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги раҳбариятининг 20 та кўнгилли оила аъзолари Хитойдан олиб келинган рекомбинант вакцина билан биринчи дозада эмланган.

Ўзбекистонга Zhifei компанияси томонидан 6000 дона синов вакцинаси (50% ҳақиқий вакцина, 50% плацебо), 12 минг дона ПЗР тестлар, 8 минг дона антитаналарни аниқловчи тестлар ҳамда барча ишлатиладиган ёрдамчи материаллар олиб келинган.

Ўз навбатида, Zhifei Longcom Biopharmaceutical Co. Ltd компаниясининг 8 нафар мутахассислари Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги Вирусология илмий-тадқиқот институти ходимлари билан биргаликда синов ўтказиладиган поликлиникалари врач ва ҳамширалари учун вакцинация тадбирларини амалга ошириш бўйича тренинглар ўтказдилар.

Ушбу вакцина I ва II фаза клиник синовларда нисбатан юқори хавфсизлик профилига эгалигини намоён этди. Инновацион ривожланиш вазирлиги раҳбариятининг 20 та кўнгилли оила аъзолари Хитойдан олиб келинган рекомбинант вакцина билан биринчи дозада эмланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ вакцинанининг учинчи клиник синовлари режа бўйича 5000 кўнгилли одамда, фақат Тошкент шаҳрида ўтказилиши ва вакциналар Ўзбекистонга олиб келингани ҳақида хабар берган эдик.