11 декабрь куни Евроосиё иқтисодий иттифоқи [ЕОИИ]нинг саммити видеоанжумани шаклида бўлиб ўтади. Унда Беларусь Республикаси президенти, Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши раиси Александр Лукашенконинг таклифига биноан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирда ЕОИИга аъзо давлатлар — Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон, шунингдек, кузатувчи мақомидаги Молдова ва таклиф этилган мамлакат сифатида Куба етакчилари иштирок этади.

Ўзбекистон Республикасига ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлат мақомини бериш саммит кун тартибидаги асосий масалалардан биридир. Давлат раҳбари ўз нутқида Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигининг устувор йўналишларини белгилаб бериши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, шу йили май ойида Олий Мажлис Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи фаолиятида кузатувчи давлат мақомида иштирок этиши тўғрисидаги таклифни маъқуллаган эди.