Соғлиқни сақлаш вазирлиги ЮНИCЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликдаги қўшма дастур доирасида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматига иммунизация жараёнига ихтисослашган 16 та замонавий транспорт воситасини топширди. Бу хақда ССВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Хабарга кўра, автотранспорт воситалари Санитария-эпидемиологик осойишталик хизматининг вилоят бўлимлари учун мўлжалланган бўлиб, улардан бутун мамлакат бўйлаб болаларнинг вақтида эмлангани мониторингини олиб бориш сифатини янада яхшилаш учун фойдаланилади.

«Иммунизация болалар орасида касалликларнинг олдини олишда асосий омиллардан биридир. Айни пайтда мамлакатимиз миллий эмлаш календаридан 13 та вакцина ўрин эгаллаган бўлиб, аҳолини эмлаш билан қамраб олиш 99 фоизни ташкил этмоқда. ЮНИCЕФ билан ушбу йўналишдаги ҳамкорлигимиз эса мамлакатимиздаги барча болаларнинг саломатлиги учун катта аҳамиятга эга», — деди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Ботиржон Қурбонов.

Маълум қилинишича, маросимда транспорт воситалари ЮНИCЕФ ҳамда Вакциналар ва иммунизация бўйича глобал алянс томонидан кўрсатилган кўмак ёрдамида Ўзбекистоннинг миллий эмлаш дастурини янада такомиллаштириш мақсадида сотиб олингани таъкидланди. Шунингдек, ЮНИCЕФ Соғлиқни сақлаш вазирлигига марказий, вилоят ва туман даражаларида вакцина омборларини қуриш ҳамда совуқхоналар, музлатгичлар ва совутгичларни сотиб олиш, уларни ўрнатиш ҳамда вакциналарни ташиш учун транспорт воситаларини сотиб олиш орқали миллий эмлаш дастурини кучайтиришга кўмаклашмоқда.

Фото: ССВ матбуот хизмати.

Бундан ташқари, вакциналар логистикасини бошқариш учун ахборот тизими ишлаб чиқилган бўлиб, мазкур лойиҳа миллий эмлаш тизимини сезиларли даражада яхшилаши кутилмоқда, дейилади хабарда.

«Ишонаманки, ушбу транспорт воситалари совуқлик занжирини таъминлаш учун тақдим этилган бошқа қурилмалар билан бир қаторда, бутун мамлакат бўйлаб болалар соғлиғини яхшилашга катта ҳисса қўшади. Болалар учун вакциналарни ўз вақтида тақсимлаш муҳим вазифа ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бугун тақдим этилган ёрдам ҳамда вилоятларга етказиладиган автомобиллар мамлакатнинг барча худудларига сифатли вакциналарни етказиб беришни таъминлашга хизмат қилади», — деди ЮНИCЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Жефри Ижумба.