Қоракўл туманида газ ва электр таъминотидаги узилишлардан норози бўлган халқ намойиш ташкил этдилар. Маълумотларга кўра, намойишчилар ҳоким ёки масъуллар билан учрашиш умидида Қоракўл туманидан ўтувчи М37 Халқаро Трассани тўсиб қўйганлар.

«Ҳудудгаз Бухоро» ушбу ҳодисага расмий муносабат билдирди. Хабарга кўра, Қоракўл туманидаги «Когон» магистрал газ қувурлари бошқармасига қарашли «Қоракўл» газ тақсимлаш станциясидан тумандаги истеъмолчиларга 6 атмосфера босими остида табиий газ етказиб берилиб келинган.

Газ тақсимлаш станциясидаги 2-рақамли жўмрак орқали 1,8−2 атмосферага қисқартирилиши натижасида аҳоли хонадонларига табиий газ таъминоти тўхтаб қолганлиги айтилмоқда.

Бу эса тумандаги «Дўстлик» ва «Қоракўз» маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисининг норозилигига сабаб бўлган. Айни вақтда, ҳудудда газ таъминоти тикланди, дейилади хабарда.