Навоий вилоятининг Хатирчи туманида фермерлардан бири сирли ўлим топгани ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда. «Газета.uz» сўровига кўра, ушбу ҳолатга Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов аниқлик киритди.

Маълум қилинишича, 6 ноябрь куни соат 10:30 лар атрофида Музаффар Муҳаммадиевнинг жасади Хатирчи тумани «Полвонота» МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи «Қахрамон» ариғидан, тан жароҳатларисиз топилган. У айни шу маҳаллада истиқомат қилган.

Ҳолат юзасидан туман прокуратураси терговга қадар текширув ўтказиб, натижада шу йили 5 декабрь куни ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилган.

Суд-тиббий экспертизасининг 27 ноябрдаги хулосасида эса М.Муҳаммадиевнинг ўлими юрак нафас йўлларининг сув билан беркилишидан келиб чиққан механик асфекция билан боғлиқлиги қайд қилинган. Бундан норози марҳумнинг қариндошлари турли хил шубҳалар асосида турли инстанцияларга мурожаат қилишгани айтилмоқда.

Ижтимоий тармоқлардаги видеода ўзини Музаффар Муҳаммадиевнинг акаси эканини айтган шахс, укаси 74 гектар ерда фермерлик фаолияти билан шуғулланганини таъкидлаган. Шунингдек, у укаси туман ҳокимининг унга тегишли ер майдонига оид ижара шартномасини бекор қилиш ҳақидаги қарори устидан судга мурожаат қилганини маълум қилган.

Айтилишича, шу йилнинг 5 ноябрь куни фермер ва унинг акаси Навоий вилояти маъмурий судига борган, ҳокимлик вакиллари қатнашмагани сабаб ишни кўриш 12 ноябрга қолдирилган. Унинг эртасига эса фермернинг жасади ариқдан топилган. Унинг яқинлари бу ишга туман ҳокими алоқадорлигини таъкидлашмоқда.

Шундан келиб чиқиб, туман прокуратураси терговчиси Э.Асатовнинг жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш қарори туман прокурори томонидан бекор қилинган. Ҳозирда марҳумнинг оила аъзолари важлари тўлақонли текширилиши юзасидан қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилаётгани маълум қилинди.