Олий даражада эришилган келишувларга мувофиқ, 11 декабрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модининг видеоанжуман шаклидаги учрашуви бўлиб ўтади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Тадбирда Ўзбекистон-Ҳиндистон дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Таъкидланишича, коронавирус инфекциясининг глобал миқёсда тарқалиши оқибатларини енгиб ўтишда яқиндан ҳамкорликни давом эттириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Ўзаро савдо ҳажмини ошириш, транспорт алоқаларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, энергетика, ахборот-коммуникация технологиялари, соғлиқни сақлаш, фармацевтика ва бошқа тармоқларда кооперацияни кучайтириш ҳамда ҳудудлараро мулоқотлар, таълим ва гуманитар алмашинувни фаоллаштиришга қаратилган устувор дастур ва лойиҳаларни кўриб чиқиш кутилмоқда.

Учрашув чоғида икки давлат етакчилари жаҳон ва Марказий Осиёдаги вазият юзасидан фикр алмашадилар, замонавий таҳдид ва хатарларга қарши самарали курашиш чора-тадбирларини муҳокама қилишади.

Олий даражадаги музокаралар якунида Қўшма баёнот қабул қилиниб, иқтисодиёт ва инновациялар, молиявий-техник кўмак, божхона иши ва савдони техник тартибга солиш, кадрлар тайёрлаш ва қўшма илмий тадқиқотлар ўтказишга доир қатор ҳукуматлараро ва идоралараро битимлар имзоланиши режалаштирилган.