«Юксалиш» УМҲ раиси, қуйи палата депутати Бобур Бекмуродов Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортига Россия томонидан қўйилган тақиқ юзасидан муносабат билдирди.

«„Россельхознадзор“ томонидан вирус аниқланганлиги важи билан Фарғона, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига импорт тақиқининг қўйилиши республика экспорт ҳажмларига жиддий таъсир ўтказмайди», — дея таъкидлади у.

Депутат шунингдек, ҳозирда дунёдаги геосиёсий ва геоиқтисодий жараёнлар ўзгарувчан характерга эгалигини қайд этди. «Бундай ҳаракатлар ташқи бозорларимизни диверсификациялашга жиддий эътибор қаратиш ва Жаҳон савдо ташкилотига аъзоликни тезлаштириш лозимлигини яна бир бор эслатмоқда», — деди Бекмуродов.

Аввалроқ, «Газета.uz» Россия ветеринария ва фитосанитария назорати бўйича федерал хизмати Фарғонадан барча ўсимлик маҳсулотларини, Қашқадарё ва Навоий вилоятларидан эса помидор ва қалампирни мамлакатга олиб киришга тақиқ қўйгани ҳақида ёзган эди.