8 декабрь куни Европа Чемпионлар Лигаси доирасидаги «Пари Сен-Жермен» — «Истанбул Башакшехир» жамоалари ўртасидаги учрашув 14-дақиқада тўхтатиб қўйилди.

Бунга сабаб, руминиялик тўртинчи ҳакам Себастьян Колтескунинг турк жамоаси бош мураббийси ассистенти Пьер Вебони «қора йигит» деб атагани бўлди.

Турк жамоаси норозилик изҳор этиш мақсадида майдонни тарк этди, кейин французлар ҳам ўйинни ушбу ҳакам билан давом эттирмаслигини билдириб, майдондан чиқиб кетишди.

Учрашувнинг қолган қисми бугун бошқа ҳакамлар бригадаси иштирокида соат 22:55 да (Тошкент вақти билан) давом эттирилиши кутилмоқда.

УЕФА ушбу вазият юзасидан суриштирув ишларини олиб боришини маълум қилди.