Президентнинг тегишли қарори билан 2021 йил 1 мартдан тадбиркорларга давлат органлари ва ташкилотлари томонидан айрим турдаги давлат хизматлари кўрсатилишида агент сифатида иштирок этишга рухсат берилмоқда.

Бунинг учун агент сифатида хизматларни кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари ходимлари аккредитациядан ўтган ўқув марказлари томонидан бериладиган ва кўрсатилиши мумкин бўлган хизматлар турлари аниқ белгиланган сертификатга эга бўлиши шарт.

Сертификатлар 3 йилга берилади ва бериш тартиби Ҳукумат томонидан белгиланади.

Тадбиркорлар томонидан агент сифатида хизматларни кўрсатиш Давлат хизматлари агентлигининг ягона платформаси доирасида амалга оширилади.

ДХА агент сифатида хизматларни кўрсатувчиларнинг ягона электрон реестрини шакллантиради ва юритади. Фуқароларга реестр орқали ўзига қулай агентларни танлаб олиш имконияти яратилади.

Хизматлар учун нархлар тадбиркорлар томонидан мустақил равишда белгиланади. Келиб тушадиган маблағлар эса тўлиқ ҳажмда унинг тасарруфида қолади.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан агент сифатида хизматлар кўрсатилиши тақиқланган давлат хизматлари рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.