9 декабрь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида туризм ва спорт соҳаларида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгуси йилдаги вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Йиғилишда коронавирус пандемияси шароитида ёндашувларни қайта кўриб чиқиб, мамлакатнинг туризм салоҳиятини тиклаш ҳамда ривожлантириш чора-тадбирлари танқидий руҳда муҳокама қилинди.

Келгуси йилда 1,7 миллион хорижий, 7,5 миллион маҳаллий сайёҳларни жалб қилиш, туризм хизматлари экспортини 370 миллион долларга етказиш мақсад қилинган. Бу борада энг катта манба, аввало, зиёрат туризмидир. Ўзбекистонда ислом динига оид кўплаб зиёратгоҳлар, яҳудийлик, буддавийлик ёдгорликлари бор. Бу имкониятдан фойдаланиб, 700 минг зиёратчини жалб қилиш ва 130 миллион долларлик хизматлар экспортини таъминлаш мумкин, дейилади хабарда.

Фото: Президент матбуот хизмати.

Шу боис келгуси йилдан Европа мамлакатлари, Малайзия, Индонезия, Покистон, Таиланд, Япония каби давлатлар билан авиақатновларни босқичма-босқич тиклаш, янги рейсларни йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берилди. Миллий авиакомпанияда [Uzbekistan Airways] чипталар нархи баландлиги танқид қилиниб, уни арзонлаштириш вазифаси қўйилди.

Давлат раҳбари зиёрат туризмида тарғибот ва илмий ёндашув етишмаётганини таъкидлади. Ўзбекистоннинг чет эллардаги элчихоналари билан бирга бу борадаги ишларни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди. Зиёрат туризми бўйича салоҳиятли давлатлар фуқаролари учун виза тизимини соддалаштиришга доир таклифлар билдирилди.

Соҳадаги ишларни мувофиқлаштириш мақсадида Бош вазир ўринбосарлари раҳбарлигида Идоралараро комиссия тузилиши белгиланди. Ушбу комиссия авиапарвозларни ташкил этиш, уларга рухсат олишни соддалаштириш, қатновлар географиясини кенгайтириш ва аэропорт хизматларини яхшилаш бўйича тизимли шуғулланади.

Ҳудудларда ҳали етарлича ўрганилмаган, сайёҳлар жалб этилмаган қадамжолар кўплиги таъкидланди. Маданият вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмитага 300 та маданий мерос объекти ва зиёратгоҳни реставрация қилиш вазифаси қўйилди.

Буюк олим Абу Мансур Мотуридий мақбараси ва унинг яқинида дафн этилган 8 буюк уламо қадамжосини дунёда 170 миллиондан зиёд издоши бўлган мотуридия таълимотининг зиёрат марказига айлантириш мумкинлиги таъкидланди.

Йиғилишда Самарқанд вилояти ҳокимлигига шу борада кўрсатмалар берилди. Бухоро вилоятида ислом дини ва минтақадаги дин намояндалари тематик хиёбони лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурлиги айтилди.

«Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» номли ички туризм дастури келгуси йили изчил давом эттирилади. Бунинг учун Рўза ва Қурбон ҳайитлари, Наврўз, Мустақиллик куни ва Янги йил байрамлари даврида қўшимча дам олиш кунлари белгиланмоқда. Шунингдек, номавсумий саёҳатлар учун Ички туризм ойлиги, ҳафталиги ва кунлари ташкил этилади.