Францияда истиқомат қилувчи сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Ўзбекистон ҳукумати томонидан Суриянинг жанговар ҳаракатлар олиб борилаётган ҳудудларидан 98 нафар ўзбекистонлик, яъни 25 аёл ва 73 болани ватанга қайтариш бўйича «Меҳр-3» лойиҳаси, шунингдек, мамлакатда диний эркинликларни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан муносабат билдирди. Қуйида унинг фикрларини жузъий таҳрир билан эътиборингизга ҳавола этамиз.

Ўзбекистон юзга яқин ватандошларимизни Сурия сарҳадларидан ватанга қайтарди. Бу — учинчи марта қайтарилиш. Мазкур жараёнга «Меҳр-3» деб ном берилибди. Ижтимоий тармоқларда бу воқеага ватандошларимизнинг муносабати икки қутбли эканлигини кўрдим. Салбий муносабатлар ниҳоятда кўп! Ҳайратланарли даражада кўп! Жамиятимизда ресентимент жуда кўп ва эмпатиянинг ниҳоятда паст эканлиги — хафли симптом! Одатда бошқаларга ачинишни билмайдиган, вазиятни тўғри қабул қилишни инкор этадиган қатлам кенг бўлса, бунинг ижтимоий ва сиёсий оқибатлари яхши бўлмайди.

Ўзбекистон ўзининг Сурия ва Ироқдаги, умуман, хориждаги ватандошларининг қайтишига рухсат бериши, қайтариши — фундаментал ўзгариш! Каримовнинг ёндашуви — муаммоларни тан олмаслик, бошқаларни айблаш, вазиятни куч ва зўрлик билан бошқариш, маҳрум қилиш ва курашиш, эшитмаслик ва мулоқот қилмаслик йўли эди. Ҳар қандай бошқача қараш, юқори диндорлик, мухолиф кайфият ва қарашларнинг жойи аниқ учта эди: ёки қабр, ёки қамоқ, ёки қочқинлик. Ҳокимиятга номақбул ватандошларни мамлакатдан чиқариб юбориш — давлат сиёсатининг онгли ёндашуви эди.

Ўзбекистоннинг ўз ватандошларини ватанга қайтариши бутун давлат тафаккури ва бошқарув сиёсати ўзгариб бошлаганини англатади. Давлатнинг дин ва виждон эркинлиги сиёсати репрессияларга асослана олмаслигини англатади. Диний эҳтиёжлар тан олиниши ва таъминланиши лозимлигини, ҳаракатлар бошланганини англатади.

Ҳали қилинадиган ишлар кўп. Масалан, энди Ўзбекистонда балоғатга етган қизларнинг ўраниб юриш ҳуқуқини тан олиш вақти келди. Минг йиллар давомида аждодларимиз шундай яшаган. Фақат кейинги ярим-бир асрда кескин ўзгардик. Бизнинг Ўзбекистонда ҳеч қачон Европа ёки Америкадаги каби ўта секуляр, постмодерн жамият бўлмайди, бўлмагани ҳам яхши. Буни яхши англашимиз ва қадрлашимиз керак. Албатта, давлат ҳуқуқий бўлиши ва ҳеч кимни мажбурланишига, сазойи қилинишига йўл қўймаслиги керак. Давлат оҳиста шаклда инсонлар ўртасидаги қадр-қиммат посбони бўлиши керак. Лекин бугун юзлаб, балки минглаб ватандошларимиз ўз қизлари ва оилаларининг рўмолда юриш ҳуқуқини таъминлаш учунгина Туркияга чиқиб кетиши — жиддий муаммо. Биз модернизмни куч ва мажбурлов орқали эмас, мувозанат ва қадриятлар орқали таъминлашимиз керак.

Битта тадбир — юзга яқин ватандошимизнинг Ўзбекистонга қайтарилиши ортида бутун бир бошқарув тафаккури ва модели ўзгараётганлигини кўриш мумкин. Давлат бу ватандошларни қайтариши билан диктатура ва репрессиялардан воз кечганлигига, диний эҳтиёжлар ва эркинликларга йўл очиш ниятида эканлигини кўрсатади. Мен бу ишни катта тафаккур ўзгаришининг жиддий ифодаси сифатида кўраман.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.