Ҳиндистон жанубидаги Андҳра-Прадеш штатида номаълум касалликнинг сабаби қўрғошин ва никелдан заҳарланиш бўлиши мумкин, уларнинг излари сув ва сутда учрайди, деб хабар бермоқда РИА Новости штат бош вазири идорасига таяниб.

Ўтган якшанба куни Элуру шаҳри ва унинг атрофида касаллик авж олди. Касалликнинг аломатларига уч-беш минут давомида эпилепция белгилари, бир неча дақиқа давомида хотирани йўқотиш, тўсатдан ҳушидан кетиш, бош ва бел оғриғи киради.

Ушбу касалликдан жами 505 киши жабр кўрди, 370 дан ортиғи соғайди ва яна 120 киши касалхоналарда қолмоқда.

«Номаълум касалликни нима қўзғатганлиги тўғрисида тўлиқ маълумот марказий бўлимлар ҳисоботларини топширгандан кейингина маълум бўлади. Аввало, юқтиришнинг сабаби қўрғошин эканлиги аниқланди», — деди Соғлиқни сақлаш бўйича штат раҳбарининг ўринбосари Алла Кали Кришна Шринивас.

Ҳисоботда таъкидланишича, бу дастлабки маълумотлар ва қўшимча тадқиқотлар натижаларини кутиш керак.

The Times of India нашрининг ёзишича, тадқиқотлар Ҳиндистон кимёвий технологиялари институти ва бошқа институтлар мутахассислари томонидан олиб борилмоқда ва унинг натижалари яқин келажакда эълон қилинади. Нашр маълумотларига кўра, баъзи беморлар сувнинг ранги ва таъмида ўзгаришларни сезганликларини айтишган.