«Газета.uz» Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг танловида «Коррупцияга қарши тарғиботда энг фаол оммавий ахборот воситалари» номинациясидаги ғолиблиги учун мукофотни қўлга киритди. 9 декабрь куни пойтахтдаги Hilton меҳмонхонасида Коррупцияга қарши кураш ҳафталиги якунларига бағишланган тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Агентлик матбуот хизматининг хабар беришича, танлов аҳоли ўртасида ҳуқуқий саводхонлик ва маданиятни ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга йўл қўювчи омиллар ва шароитларни йўқ қилиш йўлларини аниқлаш, оммавий ахборот воситалари ва жамоат ташкилотлари вакилларини жалб қилиш мақсадида ташкиллаштирилган.

«Газета.uz» дан ташқари MY5 телеканали ҳам «Коррупцияга қарши тарғиботдаги энг фаол оммавий ахборот воситалари» номинациясида ғолиб бўлди.

Журналист ва Davletov.uz блогининг муаллифи Қобил Хидиров «Энг яхши журналистик суриштирув» номинациясида биринчи ўринни эгаллади, иккинчи ўринни — Kun.uz мухбири Жамшид Ниёзов, учинчи ўринни — «Самаркандский вестник» газетаси мухбири Анастасия Павленко қўлга киритди.

«Энг яхши визуал иш ва график дизайн»

  1. Бобур Расулов, Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи ўқитувчиси;
  2. Жонибек Бекниязов, Нукус 1-сон мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси;
  3. Муслимбек Солиев, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабаси.

«Энг яхши иншо» (мактаб ўқувчилари орасида)

  1. Салтанат Темирхонова, Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл тумани 16-сонли мактабнинг 11-синф ўқувчиси;
  2. Мохинур Раджабова, Хоразм вилояти Хазорасп туманидаги 45-мактаб 9-синф ўқувчиси;
  3. Барнохон Одилова, Андижон вилояти Андижон тумани 10-сонли ихтисослаштирилган умумтаълим мактаб-интернати ўқувчиси.

«Энг яхши композиция» (талабалар орасида)

  1. Нилуфар Орипова, Жиззах давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультети талабаси;
  2. Дилдора Имомова, Жиззах политехника университети архитектура-қурилиш факультети талабаси;
  3. Ёрқинжон Ҳайитбоев, Гулистон давлат университети филология факультети талабаси.

«Энг фаол нодавлат нотижорат ташкилоти»

  • «Истиқболли авлод» ННТ

«Ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги учун»

  1. Отабек Бакиров, блогер, bakiroo Telegram канали асосчиси;
  2. Зафарбек Солижонов, блогер, Telegram ва Facebook тармоқларидаги Zafarbek Solijonov блоги асосчиси;
  3. Фотима Жўраева, блогер.

«Энг яхши ижтимоий видео»

  1. Нурмуҳаммед Жумагулов;
  2. Ерпўлат Ўроқбоев, Қорақалпоқ давлат университети юридик факультети талабаси;
  3. Жамолиддин Қаландаров, Қурилиш вазирлиги матбуот хизмати матбуот котиби.

Ўзбекистонда Коррупцияга қарши кураш ҳафталиги Халқаро коррупцияга қарши кураш кунига бағишланган бўлиб, БМТнинг Тараққиёт Дастури, БМТнинг Марказий Осиёдаги Гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси Минтақавий бошқармаси, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда «Минтақавий мулоқот» халқаро нодавлат ташкилоти, Конрад Аденауэр жамғармаси ва ЮНИСEФ каби бир қатор халқаро ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилди.

«Биз биргаликда коррупцияни енгамиз!» танлови Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш, Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура билан биргаликда ташкил қилинди.