Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода Бухоро вилояти аҳолиси автомобиль йўлини тўсиб қўйгани тасвирланган. Видеолавҳа муаллифи таъкидлашича, одамлар газ йўқлиги сабаб норозилик билдиришмоқда.

Тасвирлардан кўриш мумкинки, норозилик иштирокчилари 20 нафар атрофида, уларнинг кўпчилиги — аёллардан иборат. Улар билан ЙҲХБ ходимлари суҳбатлашмоқда. Одамлар 60 га яқин хонадонлар газсиз қолганини таъкидламоқда.

Вазият бўйича Бухоро вилояти ҳокимияти изоҳ берди. «Ҳолат вилоят ҳокимлиги, секторлар раҳбарлари ва соҳа мутасаддилари томонидан ўрганилмоқда. Ўрганиш якунлари бўйича батафсил ахборот берилади», — дейилади ҳокимият хабарида.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Андижон, Фарғона, Сирдарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистонда газ ва электр энергияси йўқлиги сабаб аҳоли йўлларни ёпиб қўйишганди ва шу орқали ўз муаммоларига ҳокимият вакилларини эътиборини тортишга уринишган.