Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасининг «Расмий ҳужжатларга апостил қўйиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Унга кўра, Апостиль қўйишни жаҳон андозалари асосида электрон кўринишга ўтказиш белгиланмоқда.

Маълумот учун, Апостиль бу расмий ҳужжатни имзолаган шахснинг имзоси ҳақиқийлигини ва ҳужжатни тасдиқлаган муҳр ёки штамп босма изи ҳақиқийлигини тасдиқлайдиган Конвенцияга мувофиқ расмий ҳужжатга чет элда фойдаланиш мақсадида қўйиладиган махсус стикердир.

Лойиҳага кўра, Апостильни махсус электрон дастур (E-App иловаси) орқали ҳимояланган электрон ҳужжат шаклида қўйиш таклиф этилмоқда.

Амалдаги тартибга мувофиқ, Апостиль қўйиш Олий суд, Адлия вазирлиги ҳудудий бошқармалари, Бош прокуратура, Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги томонидан 5−20 иш куни мобайнида қоғоз ҳужжат шаклида амалга оширилади.

Таклиф этилаётган электрон апостилга кўра, ариза берувчилар Давлат хизматлари марказларига Апостил қўйиш талаб этилган расмий ҳужжатни тақдим этади, Марказ ҳужжатларни сканерлаб, ахборот тизими орқали тегишли ваколатли органга (5 тадан бирига) юборади.

Ваколатли орган ҳужжатлар келиб тушгач 1 иш куни мобайнида ҳужжатга E-App иловаси орқали электрон Апостил қўяди, электрон ҳужжатни дунёнинг исталган нуқтасидан текшириб олиш мумкин бўлган E-register дастурига киритади ва хизмат натижасини ариза берувчига юборади.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ҳар йили ўрта ҳисобда 70 мингга яқин ҳужжатга апостил қўйилган бўлиб, қоғоз шаклида апостил қўйилган ҳужжатлардан фойдаланиш учун уларни чет элга юбориш, табиийки, сезиларли вақт талаб этган.