9 декабрь куни Адлия вазирлигида Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева раҳбарлигида оила қонунчилигини такомиллаштириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, нодавлат нотижорат ташкилот вакиллари ҳамда бошқа соҳа мутахассислари иштирок этишди. Бу ҳақда «Газета.uz» га Адлия вазирлигининг матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилиш давомида адлия вазири Русланбек Давлетов алимент тўлаш амалиёти бўйича жорий ҳолат ҳамда ушбу масала бўйича хорижий давлатлар тажрибаси таҳлилий қиёслаб, соҳани такомиллаштириш бўйича бир қанча таклифларни илгари сурди.

Йиғилишда мажбурий оилага тайёрлов курсларини бепул асосда жорий этиш, никоҳланувчи шахсларни бепул асосда бепуштлик юзасидан тиббий кўрикдан ўтказиш, никоҳнинг дастлабки 3 йиллигида ёш оилаларнинг моддий фаровонлигини таъминлаш мақсадида имтиёзли кредитлар ажратишга келишиб олинди.

Шунингдек, алимент тўлашдан бўйин товлаган шахсларга нисбатан мажбурий жамоат ишлари ҳамда транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини вақтинча чеклаш шаклидаги таъсир чораларини қўллаш бўйича билдирилган таклифлар юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқиш режалаштирилди.