Тошкентда 01025UZB махсус серияли рақам белгили Toyota Land Cruiser автомобили ҳайдовчиси қарама-қарши йўналишда ҳаракатлангани учун жаримага тортилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати хабар берди.

Ҳодиса 6 декабрь куни соат 13:11ларда Тошкентнинг Юнусобод тумани Хуршид кўчасида содир бўлган. Toyota Land Cruiser русумли, 01 025 UZB давлат рақам белгили транспорт воситаси йўлнинг қарама-қарши бўлагида ҳаракатлангани атрофдаги фуқаролардан бирининг бошқарувидаги транспорт воситаси видеорегистраторига қайд этилган. Видеода Toyota йўлтанламасининг светофорнинг қизил чироғида автомобиллар оқимини йўлнинг қарама-қарши бўлаги бўйлаб айланиб ўтиб, сўнгра ўнгга қайрилгани акс этган. Фуқаро қоидабузарлик видеосини eJaerima сайтига юборган.

Сайтга келиб тушган видео лавҳа Тошкент шаҳар маъмурий амалиёт масъул ходими томонидан ўрганилган ва қоидабузар ҳайдовчига нисбатан Мамурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 128−5 моддаси (транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда чиқиши…) 2-қисмига кўра БҲМ нинг 10 баравари (2.23 млн сўм) миқдорида жарима белгиланган.