Ўзбекистон Бош прокуратураси Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида аёл киши ва унинг ёш набираси ўлдириб кетилгани ҳақидаги хабарга муносабат билдирди.

Унга кўра, мазкур ҳолат юзасидан Тўрткўл тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Хабарда айтилишича, ўтказилган тергов ҳаракатлари давомида фуқаро Ж.С.(1991 й.т., ишсиз) 29 ноябрь куни ўғирлик қилиш мақсадида кирган хонадонда яшаётган 79 ёшли аёл ва унинг набирасини ошхона пичоғи билан қасддан ўлдириб, пул ва 2 дона уяли телефон аппаратини олиб кетгани аниқланган.

Терговда фуқаро Ж.С. гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, суднинг ажрими билан унга «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган ва тергов ҳаракатлари давом этмоқда.