5 декабрь куни Тошкентнинг Сергели туманида жойлашган «Тошиссиққувати» ДУКга қарашли «Саноат Энергия» қозонхонасида ноқонуний равишда 571 минг куб метр табиий газдан фойдаланилгани маълум бўлди, дея хабар берди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, етказилган жами зарар миқдори 571,3 миллион сўмга тенг.



Мазкур қозонхона орқали Сергели туманининг аҳоли ва ижтимоий соҳа объектлари иссиқлик энергияси (иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти) билан таъминланади. Ноқонуний фойдаланилган газ миқдори ўртача 950 та хонадоннинг бир ойлик табиий газ истеъмоли ҳажмини ташкил этган.

Корхона раҳбари томонидан қозонхонага кириш газ қувурига қозонхонанинг газ ҳисобдонидан олдин ўзбошимчалик билан уланиб, қозонхона ҳудудидаги бинода табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланган ҳолда оҳак ишлаб чиқариш фаолияти йўлга қўйилгани аниқланди, дейилади хабарда.