Президент томонидан 18 ноябрда имзоланган Миллий гвардия тўғрисидаги қонун имзоланган бўлиб, унга кўра, Миллий гвардия хизматчисининг ўз ваколатлари доирасида қўйилган қонуний талаблари барча давлат органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий қилиб қўйилади.

Шунингдек зарур бўлган ахборот, ҳужжатлар ва бошқа материаллар уларнинг қонуний талаби бўйича бепул тақдим этилади. Миллий гвардия ҳарбий хизматчисининг ва ходимининг қонуний талаблари устидан шикоят қилиниши уларнинг бажарилишини тўхтатиб турмайди.

Миллий гвардия ходимлари хизматни ўташ вақтида дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлади. Улар тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши мумкин эмас.

Шунингдек, қонун билан қуйидагилар тартибга солинади:

  • Миллий гвардиясининг ҳуқуқий мақоми ва асосий вазифалари, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда фуқаролар билан ҳамкорлиги;
  • Миллий гвардия фаолиятини ташкил этиш — тизими, бўйсуниши ва ҳисобдорлиги масалалари, мансабдор шахсларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш, Миллий гвардия ҳайъати таркиби ва мақоми;
  • ҳарбий хизматчилар ва хизмат ходимлар томонидан хизматни ўташ тартиби ва шартлари — хизматга қабул қилиш ва қасамёд қилиш, ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш жиҳатлари, хизматдан бўшатиш ва хизматга тиклаш, хизмат муддатлари ва уларни узайтириш учун асослар, шунингдек ҳарбий ва махсус унвонлар бериш;
  • Миллий гвардиянинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
  • ҳарбий хизматчилар (ходимлар) томонидан жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни, ўқотар қуролни қўллаш, ташкилотларнинг ва фуқароларнинг транспорт воситаларидан фойдаланиш;
  • ҳарбий хизматчиларни ва ходимларини ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш, шунингдек уларнинг соғлиғини сақлаш, таъминоти, уй-жой майдони билан таъминлаш ҳамда пенсия таъминоти ва бошқалар.

Қонун Сенат томонидан 2019 йил декабрида қабул қилинган бўлиб, президент томонидан 2020 йил 18 ноябрда имзоланди.

Қонун 2021 йил 20 майдан кучга киради.