Қозоғистон сенатори Даурен Адильбеков бугунги кунда мамлакат тадбиркорлари Ўзбекистонга экспорт қилишда дуч келаётган асосий муаммоларни санаб ўтди, хабар берди LS.

Сенаторнинг гапларига кўра, асосий муаммолардан бири Ўзбекистон Қозоғистондан кириб келган 96 турдаги товарга божхона қийматидан 5 фоиздан 50 фоизгача акциз солиғи қўлланмоқда. Қозоғистонда эса Ўзбекистондан олиб келинган товарлар учун шу каби акциз солиқлари мавжуд эмас.

Иккинчиси, Қозоғистон тадбиркорлари Ўзбекистонга экспорт қилганда 15 фоизли ҚҚС солиғини ҳам тўлашади, аммо мамлакатда ҚҚС ставкаси 12 фоизни ташкил этади.

Даурен Адильбековнинг айтишича, Қозоғистондаги бизнес вакиллари Ўзбекистондан олиб кириладиган товарларга тенг акциз солиқларини қўйишни ёки Ўзбекистонга Қозоғистондан олиб киришди тўланадиган ортиқча тўловларни қайтариш имкониятларини беришни сўрашмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ноябрь бошида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Қозоғистон бош вазири ўринбосари Роман Скляр бошчилигидаги ҳукумат делегацияси вакилларини қабул қилган эди. Учрашувда Қозоғистон савдо ва интеграция вазири Бахит Султонов Қозоғистон ўзбек бозорига етказиб бериши мумкин бўлган яна 64 та товарни таклиф қилган эди.

Январь-октябрь ойларида икки давлат ўртасидаги ташқи савдо айланмасининг умумий ҳажми 2,3 млрд долларни ташкил қилиб, шунинг 729,4 млн доллари экспорт, 1,5 млрд доллари эса импортга тўғри келади.