Россия Федерациясининг суверен жамғармаси ҳисобланган Россия тўғридан-тўғри инвестиция фонди (РТИФ) ўзбекистонлик ҳамкорларига қўшма Ўзбекистон-Россия инвестиция фондини яратишни таклиф қилди. Бу ҳақда 4 декабрь куни РТИФ бош директорининг биринчи ўринбосари Анатолий Браверман икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокидаги давра суҳбатида маълум қилди, дея «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

«Россия ва Ўзбекистон президентларининг учрашувларида Яқин Шарқ ва Осиёдаги бир қатор мамлакатлари билан яратган фонд ва платформаларимизга ўхшаш жамғармани Россия ва Ўзбекистон ўртасида ҳамкорликда тузиш борасида бир қатор муҳокамалар ўтказган эдик», — деди у давра суҳбатида.

Браверман Россиянинг БАА, Саудия Арабистони, Хитой ва Япониядаги шериклари билан ҳам шундай фондлар мавжудлигини таъкидлади.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов мазкур учрашувда Ўзбекистон суверен фонди ҳисобланмиш Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ижрочи директори Шуҳрат Вафоев иштирок этаётганини маълум қилган. «У мамнуният билан ушбу ҳамкорликдаги ҳаракат тафсилотларини муҳокама қилади ва биз ўзаро мақбул ечимни топамиз», — деди вазирнинг биринчи ўринбосари.

Бош вазир ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов томонлар бундай тузилманинг устувор йўналишлари ва иш йўналишларини белгилаб олиш зарурлигини таъкидлади. «Бу Мубадала (БААнинг суверен фонди) билан бўладиган ҳамкорликдан бироз фарқ қилади. У ерда ўзига хос жиҳатлар бошқача», — деди у.

Жавоб тариқасида Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуров «ўзига хос жиҳатлар» бир хил эканини қайд этди. «Ўзига хос жиҳатлар деярли бир хил. Гап шундаки, ушбу фондни тузишда ҳар бир давлат ўзига хос хусусиятларга эга. Натижада, буларнинг барчаси суверен фондларнинг қўшимча даромадга эга бўлишига олиб келади», — дея таъкидлади Мантуров.

«Газета.uz» 2018 йилнинг октябрида Ўзбекистон ва БАА 1 млрд доллар қийматдаги тўғридан-тўғри инвестиция фондини тузгани ҳақида маълум қилган эди.