Адлия вазирлиги томонидан 4 декабрь куни 959-сон билан «Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси» давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда «Газета.uz» га Адлия вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Ўзбекистонда волонтёрлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида, «Волонтёрлик фаолияти тўғрисида"ги Қонун қабул қилинди.

Унга кўра, волонтёрлик орқали кам таъминланганларга, кўп болалиларга, бошпанасизларга ёрдам кўрсатиш, беморларни, ногиронлиги бўлган шахсларни, қарияларни парваришлаш, спорт, маданий ва бошқа тадбирларни ташкил этишга кўмаклашиш ҳамда бошқа усулларда хайрия ишларини амалга ошириш мумкин.

Ассоциациянинг асосий мақсади волонтёрлик фаолиятини ташкил этиш ташаббусларини ривожлантириш, қўллаб-қувватлаш ҳамда волонтёрларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.

«Ассоциациянинг ташкил этилганлигини «5 декабрь — Халқаро волонтёрлар куни»га муносиб совға деб ҳисоблаш мумкин», — дейилади Адлия вазирлиги хабарида.

Эслатиб ўтамиз, ноябрь ойида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ёшлар билан учрашувда волонтёрлик тушунчасини аниқлаштириш лозимлигини таъкидлаган эди.