Президент Шавкат Мирзиёев бугун россиялик ҳамкорлар билан ўтказилган музокаралар давомида ТАПОиЧ авиасозлар заводининг тақдирини ҳам муҳокама қилганини маълум қилди, дея «Газета.uz» мухбири унинг сўзларини келтирмоқда.

«Очиқ гап бугун мана россиялик ҳамкорларимиз билан ўша ТАПОиЧни тақдири, келажаги тўғрисида ҳам гаплашдик. Секин-секин сирни очиб юборай, нимагаки мени ҳам аламим бор. Дунёда саноқли самолёт чиқарадиган давлатлар бор эди, биз уни ўз қўлимиз билан ёпдик, минг афсус. У ерда қандай қандай муҳандислар ишлар эди. Қандай ёшлар ишлар эди. Қандай келажаги бор эди. Лекин барибир биз уни тиклашга жуда кўп ҳаракат қилаяпмиз. Шунинг учун мана бугун ҳамкорларимиз билан бу тўғрисида ҳам гаплашдик», — деди давлат раҳбари. 4 декабрь куни президент Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуров билан музокаралар ўтказди.

Давлат раҳбари Тошкент металлургия заводи нега айнан пойтахтда қурилганига тўхталиб, завод Бекободда қурилганида анча арзонроққа тушиши мумкинлигини қайд этди.

«Мен бугун бу сирни айтяпман, яна бир бор айтаман. Ўзи очиғини айтсак, ҳамма нарса тайёр — йўл, темирйўл қаерда эди? Бекободда эди. Бекободда ҳам қурса бўларди бу заводни. Лекин у пайтда бундай уйлар йўқ эди, бундай катта-катта янги туманни [Янгиҳаёт туманидаги завод — таҳр.] ташкил қилиш бировни ҳаёлида йўқ эди. Лекин мен барибир мана шу туманда очамиз ва Тошкентда ёшларни иш билан таъминлаш бўйича энг замонавий корхонани қурамиз дедим», — деди президент.

Давлат раҳбари шунингдек, Тошкентнинг собиқ раҳбарлари заводнинг экологияга таъсири ҳақида огоҳлантиргани ҳақида гапирди. «Тушунмайди, бу замонавий корхонада чиқаётган газни ҳам йиғиб оладиган ускунаси бор. Биз ҳозир бошқа жойларда, Қашқадарёда, Бухорода мана шу технологияни жорий қилаяпмиз», — дея қўшимча қилди.

Эслатиб ўтамиз, Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси 1941 йилда пайдо бўлган — 1932 йилда Москва яқинидаги Химки шаҳрида ташкил этилган завод уруш бошланиши билан Тошкентга эвакуация қилинган. Компаниянинг сўнгги самолёти 2012 йил ёзида чиқарилди. Ҳозирда ТАПОиЧнинг асосий ҳудудида Тошкент механика заводи жойлашган.