Шавкат Мирзиёев раислигида 3 декабрь куни илм-фан ва инновацияни ривожлантириш борасида олий таълим муассасалари, илмий ташкилотлар, тармоқ ва ҳудудлар олдидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

«Инновацион ишланмалар бюджетдан 100 млрд сўм ажратилган бўлсада, танлов натижалари бўйича бор йўғи 29 млрд сўмни 51 та лойиҳа шакллантирди, холос», — деди президент. Олий таълим муассасаларида илмий тадқиқотлар даражаси ўта паст, илм ва инновация масалалари бўйича масъул проректорлар умуман ишламаётгани қайд этилди.

Йиғилишда 100 дан зиёд илмий ташкилотлар фаолиятида, улар томонидан олиб борилаётган изланишларда ҳали сезиларли ўзгариш бўлмаганлиги ва 24 та муассаса ўтган йили халқаро тан олинган журналларда бирорта ҳам илмий мақола чоп этмаганлиги айтиб ўтилди. «Инновация вазирлиги илмдан ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнларни ўзаро боғловчи яхлит тизим ва муҳитни йўлга қўя олмаяпти», — деб айтди президент.

«Фанлар академияси тизимидаги 33 та илмий ташкилотлар томонидан ўтган йили атиги 59 та патент олинган», — дея таъкидлади давлат раҳбари.

Бундан ташқари, ҳудудлардаги сув хўжалиги соҳасидаги муаммоларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Хусусан, суғоришда сув тежовчи технологияларни қўллаш кенгайиб бормоқда. Лекин бунда ўғитларни тўғри эритиш, суғориш вақтини аниқлаш, муддатида техник хизмат кўрсатиш бўйича тизим ташкил этилмаган. Ёмғирлатиб суғориш бўйича илмий тадқиқотларни амалиётга жорий этиш ҳам оқсаётгани қаёд этилди.

«Ирригация тизимига бирорта олим жалб қилинмаган. Олимга нима керак? Олимга буюртма керак. Буюртма йўқ бизда», — деди Шавкат Мирзиёев.

Хоразмда ташкил этилган Сув муаммолари илмий-тадқиқот маркази орқали вилоятдаги ирригация иншоотларини қайта лойиҳалаштириш, сув ресурсларини тўғри режалаштириш лозимлиги айтилди.

«Илм-фан натижалари кимё саноати ва нефть-газ тармоқлари учун ҳам жуда зарур. Мамлакатимиз кўп миқдорда кимёвий реагентлар, полимерлар ва бошқа маҳсулотларни импорт қилаётгани бу борадаги аҳволни яққол кўрсатади», — деб айтди давлат раҳбари.

Йиғилишда илм-фан ва олий таълим муассасалари, тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари келгуси йили қайси йўналишларда илмий лойиҳаларни амалга ошириши ва қандай натижаларга эришиши юзасидан ахборот берилди.