Андижон вилояти прокуратураси блогер Абдуфатто (Отабек) Нуритдиновга қарши қўзғатилган жиноят ишини бекор қилди, дея хабар берди Бош прокуратура матбуот хизмати.

Facebook фаоли ўзига нисбатан жиноий иш очилгани тўғрисида 1 декабрь куни саҳифасида маълум қилган эди. Унга кўра, 25-сонли мактаб директори ўринбосари Гулчехра Мирзаева Андижон шаҳар ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилган.

«Жиноят иши асоссиз очилган ва бирон жойга шикоят қилишим хақидаги баландпарвоз гапларни ёзишимдан фойда йўқ», — деди у.

Бош прокуратура матбуот хизмати хабар беришича, 2020 йил октябрь ойида Абдуфатто Нуритдинов Facebook ижтимоий тармоғида мавжуд бўлган «Отабек Нуритдинов» номли саҳифасида фуқаро Г. Мирзаевани «Маънавий бузуқ аёл» ва шу каби сўзлар билан ҳақоратлагани бўйича 20 ноябрь куни Андижон шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 140-моддаси (Ҳақорат қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Хабарга кўра, жиноят иши қўзғатиш ҳақидаги қарорни қабул қилишда жиноят процессуал қонунчилиги талабларига тўлиқ риоя қилинмагани аниқланган. Шу сабабли Абдуфатто Нуритдиновга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бекор қилинган.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил декабрь ойининг охирида Абдуфатто Нуритдинов туҳмат, ҳақорат ва майда безорилик айблари билан жаримага тортилиб, 15 суткага қамоққа олинган эди.

Блогер ижтимоий тармоқда Асака шаҳридаги мансабдор шахсларнинг фаолиятидаги коррупция ҳолатлари, бюджет маблағларининг ўзлаштирилиши ва талон-торож қилиниши ҳақида ёзиб келган.