Швейцариянинг федерал апелляция суди Гулнора Каримованинг Гибралтарда рўйхатдан ўтказилган Takilant Ltd. компанияси қонуний бенефициари эканлиги тўғрисидаги даъвосини кўриб чиқиш бўйича қарор чиқарди. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.

Суд томонидан Б. исмли ўзбекистонлик шахсга нисбатан жиноий иш очилган эди. У Гулнора Каримовага тегишли пулларнинг асл эгасини яшириш мақсадида унинг номидан компаниялар очгани учун ҳужжатларни сохталаштириш ва «пулларни ювиш»да айбдор деб топилди.

2018 йилги суд қарори билан ушбу компанияга тегишли 350 млн доллар музлатиб қўйилган эди. Эндиликда, Гулнора Каримованинг вакиллари ушбу музлатилган активларни қайтариб олиш учун ҳаракат қилишлари мумкин.

«Федерал прокуратура Гулнора Каримованинг активларини мусодара қилишга ҳаракат қилгани ва унинг ушбу жараёнда қатнашишдек фундаментал ҳуқуқларини таъминламаганини ҳисобга олсак, бу у учун муҳим ғалаба», — деди Каримованинг адвокати Грегори Манжа.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 18 мартда Тошкент шаҳар суди ҳукми билан Гулнора Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланган эди.

2019 йил март ойида АҚШ Гулнора Каримова ва «Ўздунробита»нинг собиқ бош директори Беҳзод Аҳмедовни коррупция ва 865 млн доллардан кўпроқ пулни «ювган"ликда айблаган эди. 24 июнда эса Швейцария Бош прокуратураси Каримова иши бўйича музлатилган 130 млн швейцар кронаси [$133,7 млн] миқдоридаги маблағни Ўзбекистонга қайтаришини маълум қилган эди.

2020 йилнинг май ойига келиб, Каримованинг 10 млн долларлик активи Франциядан қайтарилган. Сентябрга келиб, Швейцария ҳукумати мусодара қилинган пул маблағларини Ўзбекистонга қайтариш шартлари бўйича мамлакат ҳукуматлари келишувга эришганини маълум қилди. Ўшанда Каримованинг Швейцариядаги ҳисобларидан олинган 131 млн долларлик маблағ Ўзбекистонга қайтарилиши айтилганди.

Аввалроқ, «Газета.uz» ижтимоий тармоқларда Каримованинг соғлиги оғирлашганига оид тарқалган хабарларга ойдинлик киритиш мақсадида ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси билан боғланган эди. «Унинг аҳволи яхши, COVID-19`га чалинмаган, ўпка пневмонияси ҳам йўқ», — дейилганди хабарда.