Халқаро пресс-клубда бўлиб ўтган давра суҳбатида Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев сўз эркинлиги бўйича ўз фикрларини билдирди.

«Биласизларми, мен учун бир нарса равшан, агар ўз вақтида президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан мана шундай ислоҳотлар бошланмаганида, агар бизнинг жамиятимизда сўз, матбуот эркинлиги жорий этилмаганида, пандемия шароитида бизнинг аҳволимиз анча мураккаб бўлар эди», — деди у.

Содиқ Сафоев инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, манфаатлари ҳақида сўз юритиб, унга демократиясиз, сўз ва матбуот эркинлигисиз эришиб бўлмаслигини таъкидлади.

«Сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги — демократиянинг қон айланиш тизимидир, усиз бу тушунчалар фаолият кўрсата олмайди», — деди у.

«Агар биз бугун ренессанс ҳақида гапираётган бўлсак, инсон ривожланиши, инсоннинг манфаатлари ҳақида гапирмоқчи бўлсак, бунга демократиясиз ҳамда сўз ва матбуот эркинлигисиз эришиб бўлмайди», — деди Сенат раисининг биринчи ўринбосари.

«Биздаги жараёнлар ортга қайтмайдиган тус олмоқда. Биринчи навбатда шуни биз тушунишимиз керакки, ҳукумат, парламент, фуқаролик жамияти, сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситалари ҳуқуқ ва имтиёзларини кафолатлашни ўзининг асосий бурчи ҳамда асосий вазифаси деб билиши керак. Буни ҳаммамиз яхши англамоғимиз керак», — дея таъкидлади Содиқ Сафоев.