2 декабрь куни ҳукуматнинг «Тошкент шаҳрида Япония рақамли университетни ташкил этиш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги ахборот хизмати.

Нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланган университет ахборот-коммуникация технологиялари, дастурий таъминотни ишлаб чиқиш, ахборот тизими ва компьютер тармоқларини бошқариш ҳамда иқтисодиётнинг эҳтиёжи юқори бўлган бошқа соҳалари бўйича олий маълумотли кадрларни тайёрлашга ихтисослашади.

Ўқитиш япон ва ўзбек тилларида тўлов-контракт асосида амалга оширилади. Университетда талабаларнинг ўқиши учун тўлов-контакт маблағлари миқдори «Digital Knowledge Co., Ltd.» (муассис) томонидан белгиланади.

Университетда бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кундузги ва масофавий таълим шаклларида кадрлар тайёрланади. Абитуриентларни ўқишга қабул қилиш бевосита муассис ва Олий таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

2020/2021 ўқув йилидан «Муҳандис-дастурчи» бакалавриат таълим йўналишига, кейинги ўқув йилидан эса «Компьютер графикаси ва дизайн» бакалавриат таълим йўналишига талабалар қабул қилинади.

Хабарга кўра, университетга ҳар йили ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг ўзлаштириш кўрсаткичлари юқори бўлган фарзандлари орасидан 10 нафардан кам бўлмаган абитуриент ўқишга танлов асосида бепул (университет гранти асосида) қабул қилинади.

Битирувчиларга олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган Япония университетлари ҳамда Ўзбекистоннинг белгиланган намунадаги дипломлари берилади.