Жонс Хопкинс университети (АҚШ) маълумотларига кўра, дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 64,5 млн га етди. COVID-19 асоратлари сабаб вафот этганлар сони 1,5 млн га яқинлашди. 41,5 млн инсон ушбу инфекциядан тўлиқ тузалган.

Польшада охирги кун давомида 13 855 та касалланиш ҳолатлари аниқланиб, умумий COVID-19 билан касалланганлар сони 1 миллиондан ошди. Аввалроқ Германияда шундай ҳолат кузатилиб, ҳозирда касалланганлар сони 1,11 млн ни ташкил қилмоқда.

Энг кўп зарарланганлар АҚШда бўлиб, уларнинг сони 13,9 млн дан ошган. Ҳиндистонда ҳам ушбу кўрсаткич ўсишда давом этмоқда ва 9,5 млн дан кўпроқни ташқил қилади.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Испания, Буюк Британия, Италия, Аргентина, Колумбия ва Мексика каби мамлакатларда касалланганлар сони миллиондан ошгани ҳақида хабар бергандик.

Бундан ташқари, ҳозирда Эронда коронавирус билан касалланганлар сони 990 мингдан, Перуда эса 963 мингдан ошди.