Тахминан 3 дан 17 ёшгача бўлган 1,3 млрд бола уйда интернетга эга эмас. Бу ҳақда БМТнинг Янгиликлар хизмати хабар берди.

Шарқий Европа ва Марказий Осиёда 36 миллион ўғил-қиз уй шароитида интернетга уланмасдан ишлайди ва бу минтақадаги барча мактаб ўқувчиларининг 42 фоизини ташкил қилаётганини кўрсатмоқда.

«Бутунжаҳон тармоғидан ташқарида бўлган болалар турли хил қийинчиликларга дуч келишмоқда. Улар бутун дунёдан ажралиб қолгандек ва замонавий иқтисодиётда рақобатдош бўла олмайдилар. Ҳозирги вазиятда COVID-19 туфайли мактаблар ёпилган бўлса, бу болалар ва ёшларнинг таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлишига олиб келади», — деди ЮНИСEФ ижрочи директори Генриетта Фор.

Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, 24 ёшгача бўлган талаба ёшлар ҳам худди шундай муаммога дуч келишмоқда. Дунё бўйлаб уларнинг 759 миллионида интернет йўқ.

COVID-19 туфайли мактабларнинг ёпилиши дунё бўйлаб тахминан чорак миллиард ўқувчига катта таъсир кўрсатди. Интернетга эга бўлмаганлар учун таълим олиш умуман имконсиз. Коронавирус пандемияси рақамли бўлинишни янада кучайтириб, мамлакатлар ва жамоаларни аллақачон ажратиб турадиган тенгсизликни давом эттиради, дейилади хабарда.

Маълумотларга кўра, камбағал оилалар ҳамда кам таъминланган мамлакатлардаги болалар ва ёшлар ўз тенгдошларидан янада ортда қолмоқдалар. Кам таъминланган мамлакатларда мактаб ёшидаги ҳар 20 нафар болалардан биттаси, бой мамлакатларда эса ҳар 10 боладан 9 нафари Интернетга кира олиш имкониятига эга.