2 декабрь куни Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида [РИПИАТМ] эшитиш қобилиятининг скринингини ўтказиш синов лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Газета.uz»га «Замин» фонди хабар берди.

Тақдимотда «Замин» фонди васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева иштирок этиб, лойиҳанинг дастлабки натижалари билан танишди. 15 ёшгача бўлганларда 60 фоиз ҳолатда нуқсонни олдини олишда профилактика чоралари ас қотиши мумкин. Қолаверса, Тошкентда йилига 70 мингдан ортиқ чақалоқ дунёга келади. Шу боис, лойиҳа аввалига айнан пойтахтда синовдан ўтказилмоқда.

Фото: «Замин» фонди.

Лойиҳа «Замин» фонди, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва РИПИАТМ билан ҳамкорлигида амалга оширилмоқда. Таъкидланишича, германиялик мутахассислар томонидан 19 нафар шифокор ва 38 нафар ҳамширанинг малакаси оширилган.

Янги туғилган чақалоқлар шаҳардаги 4 та болалар шифохонасида ва барча 15 та туғруқ марказларида эшитиш қобилиятининг скрининг текширувидан ўтказилиши мумкин. Эшитиш қобилиятининг нуқсони аниқланса, ҳар бир чақалоққа махсус диагностикадан ўтиш ҳамда эшитиш ва нутқни ривожлантиришга қаратилган зарур чора-тадбирларни кўриш учун РИПИАТМга йўлланма берилади. Эшитиш қобилиятининг скринингидан ўтган янги туғилган чақалоқлар тўғрисидаги маълумотлар РИПИАТМ қошида яратилган трекинг-марказда тўпланади ва қайта ишланади.

Мазкур лойиҳа 1 йиллик синов муддатидан муваффақиятли ўтгандан сўнг республикамиздаги барча туғруқ марказларига тадбиқ қилинади.