Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида, Ўзбекистон фуқароларини ёллаб, Суриядаги «Тавҳид ва жиҳод катибаси» халқаро террорчилик ташкилоти сафига жўнатишда гумон қилинаётган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, 1996 йилда Самарқанд вилоятида туғилган О.Хошимов, 2019 йилда Миср Араб Республикасида ўқиши давомида халқаро террорчилик ташкилоти раҳнамоларининг ғоявий таъсирига тушиб, у ерга Ўзбекистондан диний таълим олиш мақсадида борган ёшлар орасида ўзининг ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилган ҳамда Сурия давлати ҳудудида фаолият олиб бораётган «Тавҳид ва жиҳод катибаси» халқаро террорчилик ташкилотининг сафига қўшилишга даъват қилиб, уларни юбориш билан шуғулланиб келган.

Ушланган шахснинг уяли телефон аппарати хотирасида экстремистик мазмундаги материаллар мавжудлиги аниқланиб, процессуал тартибда олиб қўйилган.

Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов-тезкор ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Олий суднинг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан «Тавҳид ва жиҳод катибаси» халқаро террорчилик ташкилоти фаолияти Ўзбекистон ҳудудида тақиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган.

«Фуқароларимиз, айниқса ёшларимизни огоҳлантириб, бу каби қонун бузилишларига йўл қўймаслик мақсадида, ижтимоий тармоқлардаги шубҳали сайтларда тарқатилаётган бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб, алданиб қолмасликлари, жамоат тартибига таҳдид солувчи материаллардан фойдаланмасликлари ҳамда интернет тармоғида нохолис, текширилмаган ва асоссиз материалларни тарқатиш билан шуғулланмасликларини сўраймиз», — дейилади ИИВ баёнотида.