2021 йил 1 январдан бошлаб кўчмас мулк (бино, иншоот ва ер участкалари) объектларини бозор баҳосига яқин бўлган кадастр қиймати асосида мол-мулк ва ер солиқларини ҳисоблаш тизими босқичма-босқич жорий этилади. Бу президентнинг «Ресурс солиқлари ва мол-мулк солиқларини янада
такомиллаштириш тўғрисида» ги фармонида белгиланган, деб хабар бермоқда Молия вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Кўчмас мулк объектларини бозор баҳосига яқин бўлган кадастр қиймати асосида мол-мулк ва ер солиқларини ҳисоблаш тизимини жорий этиш икки босқичда амалга оширилиши кўзда тутилган:

  • Биринчи босқич (2021−2023 йиллар) — кўчмас мулк бўлган турар-жой фонди объекти (квартира, якка тартибдаги уй-жойлар, дала-ҳовли), шунингдек, ушбу объектлар эгаллаган ер участкалари;
  • Иккинчи босқич (2022−2024 йиллар) — яшаш учун мўлжалланмаган алоҳида кўчмас мулк объектлари, шунингдек ушбу объектлар эгаллаган ер участкалари.

2021−2022 йилларда бозор қийматига асосланиб, капитал қурилишга мўлжалланган объектлар ва ер участкаларидан фойдаланишга боғлиқ ҳолда кўчмас мулк объектларини кадастр қийматини аниқлаш бўйича синов тартибида республиканинг қуйидаги ҳудудларида «тажриба-синов» асосида ўтказилади:

  • турар жой ва нотурар жойга (тижорий) мўлжалланган мол-мулк объектлари — Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани;
  • ишлаб чиқаришга мўлжалланган объектлар — Навоий вилояти Навоий шаҳри;
  • рекреацион зона ва алоҳида қўриқланадиган ҳудуд объектлари — Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани;
  • қишлоқ хўжалигига мўлжалланган объектлар — Бухоро вилояти Ромитан тумани.

«Бозор қийматига яқин кадастр қийматига асосланган мол-мулк солиғи ва ер солиғини ҳисоблашга ўтишнинг афзаллиги солиқ тўловчилар ўртасида солиқ юкини адолатли равишда тақсимлашдир», — дея таъкидламоқда Молия вазирлиги.

Бозор баҳосидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир эгалик қилувчига (фойдаланувчи) тегишли бўлган ва кўчмас мулк объектларини сифатли баҳолашдан ўтказиш, кўчмас мулк объектлари бўйича тўлиқ ва ишончли маълумотлар базасини ташкил этиш учун ахборот тизимини такомиллаштириш, бозор баҳосига асосланган кўчмас мулк объектларининг кадастр қийматини аниқлаш методикасини 2022 йил 1 январга қадар ишлаб чиқилиши Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги зиммасига юклатилган.